Жонатан Девид ёзда «Ювентус»ни тарк этиши мумкин
«Ювентус» ҳужумчиси Жонатан Девид ёзги трансферлар ойнасида жамоани тарк этиши мумкин. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Инсайдер Николо Скира хабарига кўра, канадалик футболчи Туриндаги клубдан кетиш вариантини кўриб чиқмоқда. «Ювентус» раҳбарияти ҳамда бош мураббий Лучано Спаллетти унинг ўйинидан қониқмаяпти ва шу боис футболчини сотиш бўйича таклифларга очиқ.
Жонатан Девид 2025 йилда «Лилл»дан эркин агент сифатида «Ювентус»га келиб қўшилганди. Унинг амалдаги шартномаси 2030 йил 30 июнгача мўлжалланган. Жорий мавсумда у туринликлар сафида барча мусобақаларда 36 ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол урди ва 5 та голли узатма берди. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 35 миллион еврога баҳоламоқда.
