Жозе Моуринью "сотқин" деган ҳақоратга кескин жавоб қайтарди...
«Бенфика» бош мураббийи Жозе Моуринью «Порту» ёрдамчи мураббийи Лучо Гонсалес билан майдон четида юз берган жанжал ҳақида очиқ гапирди. Жамоалар ўртасидаги баҳс 2:2 ҳисобида дуранг билан якунлангани билан, ўйиндан кейинги асосий муҳокама айнан шу низо атрофида айланди: тўқнашувнинг охирги дақиқаларида Моуринью ҳам, Гонсалес ҳам қизил карточка олиб, майдондан четлатилган.
Моуриньюнинг айтишича, бу баҳсда унинг жонига энг қаттиқ теккани — рақиб штаби вакили томонидан айтилган “сотқин” деган тамға бўлган. Лиссабонликлар устози Гонсалес уни “50 марта сотқин” деб атаганини таъкидлаб, энг аввал шу саволни ўртага ташлади: у кимга ва нимада хиёнат қилди?
Моуринью ўз позициясини шундай тушунтирди: у бутун вужуди билан «Порту»га хизмат қилган, кейин эса касби тақозо этгани учун «Челси», «Интер», «Реал» ва бошқа жамоаларда ишлаган. Унинг фикрича, мураббийнинг клубдан клубга ўтиши — хиёнат эмас, балки профессионал фаолият. У ҳар бир жамоада ишлаганда, ўзини тўлиқ шу клуб ишига бағишлайди, бу эса нормал ҳолат.
Шу жойда Моуринью ўзига қарши айтилган ҳақоратни Гонсалеснинг ўзи мисолида ҳам синаб кўрди: «У «Марсел»га ўтганда, «Порту»га хиёнат қилганми?» деган саволни берди. Яъни мураббийнинг мантиғи оддий: агар футболчи ё мураббий бошқа клубга ўтса, бу автоматик равишда “сотқин” дегани эмас.
Моуринью шунингдек, мухлислар ҳақорати билан ҳамкасб томонидан айтилган ҳақоратни кескин ажратди. Унинг таъкидлашича, фанатларнинг эмоция билан айтган гапи — футболнинг бир қисми: мухлислар ҳиссиётга берилади, бу табиий. Аммо профессионал инсон, айниқса футбол муҳитидаги ҳамкасбинг, сенга шундай муносабат қилса — бу аллақачон касбга нисбатан ҳурматсизлик, деган фикрни билдирди.
У бундай гапни “профессионалликка ҳужум” деб ҳисоблашини, шу сабаб ҳам бу ҳолат унга ёқмаганини яширмади. Моуринью фикрини янада кескинроқ қилиб, шундай деди: у «Бенфика»да бўлса ҳам, эртага бошқа клубда — «Эштрела», «Морейренсе» ёки «Лейрия»да ишласа ҳам, барибир бор кучини бериши мумкин. Демак, масала қайси клубда эканлигида эмас, масала касбга садоқат ва меҳнатда.
Қисқаси, Моуринью бу баҳсни оддий жанжал эмас, ўз обрўси ва профессионал номига тегилган зарба деб қабул қилди. Энди эса катта савол битта: бу воқеа кейинги турларда ҳам давом этадими,ёки томонлар совиб, футбол яна майдонга қайтадими?
