АҚШ Яқин Шарққа 5 минг денгиз пиёдасини юбормоқда
АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳозирлигини янада кучайтиришга киришди. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар бермоқда.
The Wall Street Journal'нинг АҚШ расмийларига таяниб хабар беришича, Пентагон Ҳормуз бўғозида Эрон томонидан ҳужумлар кучайиб бораётгани сабабли Яқин Шарққа денгиз пиёдаларининг экспедицион бирлашмаси ва қўшимча жанговар кемаларни йўналтирмоқда.
Хабарларга кўра, Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет АҚШ Марказий қўмондонлигининг минтақага десант кемалари гуруҳининг бир қисмини ҳамда унга бириктирилган денгиз пиёдалари экспедицион батальонини жўнатиш бўйича илтимосини маъқуллаган.
Одатда бундай ҳарбий бирлашма таркибида бир нечта жанговар кема ҳамда тахминан 5000 нафар денгиз пиёдаси бўлади. Уларнинг асосий вазифаси минтақада хавфсизликни таъминлаш ва эҳтимолий таҳдидларга тезкор жавоб қайтаришдан иборат.
Мутахассислар фикрича, бу қадам Яқин Шарқдаги вазият тобора кескинлашиб бораётганини кўрсатади. Айниқса, Ҳормуз бўғози атрофида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай тўқнашув дунёдаги нефть етказиб бериш йўлларига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
