Осиёнинг энг қиммат футболчилари рейтингида Ҳусанов етакчилик қилмоқда
Футбол трансферлари ва бозор қийматларини кузатиб борувчи нуфузли Transfermarkt портали сўнгги пайтларда бир қатор миллий чемпионатлар, жумладан, Англия Премьер-лигасида тўп сураётган футболчиларнинг трансфер баҳоларини янгилади. Ушбу янгиланишлар ортидан турли спорт нашрлари ҳам қизиқарли таҳлиллар тайёрламоқда.
Хусусан, футбол янгиликларини ёритиб келаётган Вьетнамнинг Znews.vn портали жаҳоннинг турли лигаларида фаолият юритаётган Осиё қитъасидан чиққан энг қиммат футболчилар рўйхатини тузиб чиқди.
Ушбу рейтингга киритилган саккиз нафар осиёлик чарм тўп усталари орасида Европа чемпионатларида ўз иқтидорини намоён этаётган, мухлислар эътиборини қозонган ва трансфер бозорида юқори баҳоланаётган юлдузлар бор.
Абдуқодир Ҳусанов — рейтинг пешқадами
Осиё қитъасининг энг қиммат футболчилари рўйхатида Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов биринчи ўринни эгаллаб турибди.
Ҳозирда “Манчестер Сити” сафида ўйнаётган марказий ҳимоячи ўзининг тезкорлиги, майдондаги вазиятни аниқ баҳолаш қобилияти ва ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари билан мутахассислар эътиборини тортиб келмоқда.
Transfermarkt маълумотларига кўра, Ҳусановнинг трансфер қиймати 35 миллион евро атрофида баҳоланмоқда. Бу кўрсаткич нафақат унинг ҳозирги формасини, балки келажакдаги улкан салоҳиятини ҳам акс эттиради. Шу тариқа у айни пайтда Осиё қитъасининг энг қиммат футболчиси сифатида қайд этилмоқда.
Такефусо Кубо — япон футболининг порлоқ юлдузи
Рейтингда иккинчи ўринни Япония миллий жамоаси ва “Реал Сосьедад” клуби ҳужумчиси Такефусо Кубо эгаллади.
Япон футболчиси 30 миллион еврога баҳоланмоқда. Кубо ўзининг юқори техникаси, тезкор дриблинги ва ҳужумдаги креатив ҳаракатлари билан машҳур. Сўнгги йилларда у япон футболининг энг ёрқин ва барқарор юлдузларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Кайшу Сано — интизомли ярим ҳимоячи
Учинчи поғонада яна бир япон футболчиси — Кайшу Сано жойлашган.
У Бундеслигада “Майнц 05” жамоаси сафида ҳаракат қилади ва унинг трансфер баҳоси 25 миллион евро деб белгиланган.
Сано таянч ярим ҳимоячи сифатида тўпни олиб қўйиш, рақиб ҳужумларини бартараф этиш ва майдонда интизомли ҳаракат қилиш билан ажралиб туради.
Ли Кан Ин — ПСЖдаги кореялик плеймейкер
Жанубий Корея вакили Ли Кан Ин ҳам худди шу — 25 миллион евролик баҳога эга.
Ҳозирда у Франциянинг машҳур клуби “ПСЖ” сафида тўп сурмоқда. Ли Кан Ин ажойиб индивидуал техникаси, ҳужумларни ташкил этишдаги креатив фикрлаши ва самарали плеймейкерлик маҳорати билан танилган. У Осиё футболининг энг ижодкор ҳужумчиларидан бири сифатида кўрилади.
Каору Митома — Премьер-лигадаги хавфли қанот ҳужумчиси
Англия Премьер-лигасида ўйнаётган яна бир япон футболчиси Каору Митома ҳам 25 миллион еврога баҳоланган.
У ўзининг юқори тезлиги, техник ҳаракатлари ва дриблинг маҳорати билан рақиб ҳимоячиларига мунтазам муаммо туғдириб келмоқда.
Ким Мин Жэ — Европада танилган ҳимоя девори
Жанубий кореялик марказий ҳимоячи Ким Мин Жэ ҳам 25 миллион евролик трансфер баҳоси билан рейтингда олтинчи ўринни эгаллаб турибди.
У аввал Италиянинг “Наполи” клуби сафида порлаб, жамоанинг А Серия чемпиони бўлишида катта ҳисса қўшган. Ҳозирда у Германиянинг машҳур клуби “Бавария” таркибида ўйнамоқда.
Рицу Доан — универсал ҳужумкор футболчи
Япония миллий жамоасининг ҳужум юлдузи Рицу Доан ҳам Transfermarkt мутахассислари томонидан 25 миллион еврога баҳоланган.
Ҳозирда у Германиянинг “Айнтрахт Франкфурт” жамоаси сафида ҳаракат қилади. Доан тезлиги, ҳужумларни якунлашдаги маҳоратли ҳаракатлари ва турли позицияларда ўйнай олиши билан ажралиб туради.
Цион Сузуки — ёш ва истиқболли дарвозабон
Рейтингдаги яна бир футболчи — Япония миллий жамоаси дарвозабони Цион Сузукидир.
Унинг трансфер баҳоси 20 миллион еврога тенг. Ҳозирда Сузуки Италиянинг “Парма” клуби сафида тўп сураётган бўлиб, бир нечта йирик Европа жамоаларининг қизиқишига сабаб бўлмоқда.
Осиё футболининг янги юлдузлари
Мутахассислар фикрича, бу рейтинг Осиё футболчиларининг Европа майдонларидаги нуфузи ва таъсири ортиб бораётганини яна бир бор кўрсатади.
Айниқса, ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг рейтингда етакчилик қилиши мамлакат футбол мухлислари учун катта фахр ва келажак учун катта умидлар уйғотмоқда.
Футбол ихлосмандлари эса бу юлдузлар келгусида янада катта клубларга ўтиши ва жаҳон футболида янги саҳифалар ёзишини интиқлик билан кузатишмоқда.
