Шри-Ланка тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтмоқда
Яқин Шарқдаги можаролар таъсири бутун дунё иқтисодиётига ўз таъсирини кўрсатаётган бир пайтда, Шри-Ланка ҳукумати ёқилғи сарфини камайтириш мақсадида янги чора-тадбирларни жорий этмоқда.
Маълум қилинишича, мамлакатда энди тўрт кунлик иш ҳафтаси тизимига ўтиш режалаштирилган. Ушбу қарорга кўра, ҳар чоршанба куни давлат идоралари, давлат сектори корхоналари ҳамда таълим муассасалари учун расмий дам олиш куни сифатида белгиланади.
Мутахассислар фикрича, бу қадам, аввало, транспорт харажатларини қисқартириш ва ёқилғи истеъмолини камайтиришга қаратилган. Чунки ходимлар ва талабаларнинг ҳаракати камайиши орқали бензин ва дизель ёқилғиси сарфи сезиларли даражада пасайиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, бу қарор мамлакат иқтисодиётидаги мавжуд муаммолар, хусусан, энергия ресурслари етишмовчилиги билан ҳам боғлиқ экани таъкидланмоқда. Сўнгги вақтларда глобал бозорларда ёқилғи нархининг ошиши ва таъминотдаги узилишлар айрим давлатларни тежамкорлик чораларини кўришга мажбур қилмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, Шри-Ланка томонидан жорий этилаётган бу тажриба бошқа давлатлар учун ҳам намуна бўлиши мумкин. Агар ушбу тизим самара берса, келгусида янада кўпроқ мамлакатлар шунга ўхшаш чораларни кўриши эҳтимолдан холи эмас.
