Ҳусайн Норчаев: “Голни термага қайтиш учун уряпман”
— Аввало, бизга жонбозлик билан ташриф буюриб, трибуналарни тўлдирган, барча бор овози билан қўллаб-қувватлаган мухлисларга чексиз миннатдорлик билдираман. Биз майдонга ғалаба учун тушдик, уч очкони олишни ният қилгандик, аммо натижа бизни қониқтирмади. Лекин ҳаммасини олдиндан билолмаймиз — бу Аллоҳнинг иши, — деди Норчаев.
Терма жамоага қайтиш истаги – мотивацияни оширмоқда
Ҳужумчи миллий терма жамоага қайта қўшилиш нияти борлигини очиқ билдирди:
— Бу юрт ҳаммамизники. Албатта, ҳар бир футболчи каби мен ҳам яна терма жамоада ўйнашни истайман. Бу мақсад сари интилаяпман. Ҳозирча эса “Насаф” сафида тинимсиз ҳаракат қиляпман ва ҳар бир голни жамоам фойдаси учун урмоқдаман. Бу менинг вазифам.
Шартнома бор, кетиш ҳақида ўйламадим
— Ҳозирча бошқа клубга кетиш ҳақида ўйлаганим йўқ. “Насаф” билан амалдаги шартномам бор ва барча эътиборим фақат жамоамга қаратилган, — дея таъкидлади у.
“Голларимни шундай нишонлаш менга ёқади”
Унинг ҳар бир голидан кейинги нишонлаши ҳам мухлислар орасида қизиқиш уйғотган. У бу борада шундай дейди:
— Гол урган пайтимда шундай ҳиссиёт келади. Шу туфайли нишонлаш услубим ҳам шундай бўляпти. Бу менга манзур.
“Пахтакор” қаршилиги, ҳимоя хатолари ва кейинги режалар
— Бугунги беллашувда ҳимояда баъзи чалкаш вазиятлар юзага келди. Аммо бундай ўйинлар орқали хулоса чиқарамиз. “Пахтакор” — тажрибали ва жиддий рақиб. Улар биздан кам ҳаракат қилмади. Омад улар томонга оғди, холос. Биз эса бўлажак ўйинларда хато ва бўшлиқларимизни бартараф этишга ҳаракат қиламиз.
“100-ўйин эканини билмагандим, энди совға кутаман”
— Очиғи, бугунги баҳс менинг “Насаф” сафидаги 100-учрашувим эканини энди эшитдим. Бу ажойиб янгилик. Катта раҳмат, энди жамоамдан кичкина бўлса-да совға кутаман, — дея ҳазиломуз куйда якунлади Норчаев.
Ҳусайн Норчаевнинг очиқ, самимий ва масъулиятли фикрлари унинг ҳам профессионал, ҳам фидоий футболчи эканини яна бир бор тасдиқламоқда. Унинг тинимсиз меҳнати орқали келгусида термада яна кўриниш бериши мумкинлигига ишонч ортмоқда.