“Манчестер Сити”да трансфер интригаси: Ҳусанов қоладими, Льюис кетадими?
Европада ёзги трансферлар ойнаси ёпилишига бор-йўғи икки ҳафта қолди. Одатдагидек, айнан шу паллада клублар ўз савдоларини тезроқ якунлаб олишга ҳаракат қилади ва шу боис бозор янада қизиб кетиши табиий ҳол.
Абдуқодир Ҳусанов тўп суриб келаётган “Манчестер Сити” жорий трансфер даврида анча фаол ҳаракат қилди. Ёши улғайган ва жамоада узоқ йиллар хизмат қилган Скотт Карсон, Кевин де Брюйне ҳамда Кайл Уокер клуб билан хайрлашди.
Шунингдек, мураббийлар штаби режаларига кирмаган бир қатор футболчилар ижарага йўлланди. Масалан, Витор Рейс “Жирона” сафига, Макс Аллейн “Уотфорд”га, Жек Грилиш эса “Эвертон”га қўшилди.
Ёз бошларида 21 ёшли ўзбек ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳам ижарага берилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ бош мураббий Хосеп Гвардиола футболчини таркибда олиб қолишга қарор қилди ва янги мавсумда унга имконият бериш нияти борлигини очиқ айтди.
Англия Премьер-лигаси старт олганига қарамай, трансферлар ойнаси ҳали ёпилмаган. Шу боис, “Манчестер Сити”дан яна бир неча ўйинчининг кетиши кутилмоқда. Англия Премьер-лигасидаги бир қатор клублар “Сити”да имконият олиб, ўзини кўрсата олган футболчиларни ижарага ёки тўлиқ трансфер қилиш бўйича музокараларни давом эттирмоқда.
Гвардиола эса ўзининг анъанавий принципига содиқ қолган ҳолда ихчам таркиб билан ишлашни ва ҳар бир футболчига ўйин амалиёти беришни мақсад қилган. У, айниқса, “Тоттенхэм”нинг бразилиялик ҳужумчи Савиога қизиқиши ҳақида ҳам тўхталди. Лондон клуби бир неча бор мурожаат қилиб, аввал 40 миллион евро, кейин эса 70 миллион евро таклиф этган.
Гвардиола матбуот анжуманида шундай деди:
“Трансфер ойнаси охиригача сизлар билан яна уч-тўрт марта кўришамиз. Савио трансфери ҳақидаги саволларни яна қачон эшитишимни билмайман. Агар “Тоттенхэм” ёки бошқа жамоалар ўйинчиларимизга қизиқса, клубимизга мурожаат қилишлари мумкин. Шахсан мен Савиони мавсум охиригача, балки ундан ҳам кўпроқ жамоамиз сафида қолишини истайман”.
Тажрибали мураббийнинг таъкидлашича, Савио ёш бўлишига қарамай катта салоҳиятга эга. Аммо у мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш малакасини янада ривожлантириши шарт.
Шу билан бирга, трансфер масаласида ўйинчининг хоҳиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Агар футболчи кетишни хоҳласа, харидор клуб билан келишиши лозим бўлади, акс ҳолда у жамоада қолади.
Ёзги трансферлар даври якунлангунча “Манчестер Сити” таркибини тарк этиши мумкин бўлган яна бир ном — Рико Льюис. Бу футболчи янги мавсумда ўнг қанот ҳимоячиси сифатида майдонга тушиши кутиляпти. Унга рақобатчи сифатида Матуес Нуньес ва Абдуқодир Ҳусанов кўрсатилмоқда.
Шу кунларда “Ноттингем Форест” Рико Льюисни ўз сафига қўшиб олиш учун ҳаракат қилмоқда. “Ўрмончилар” 20 ёшли ҳимоячига “Манчестер Сити”да олаётганидан икки баравар кўп маош таклиф этгани айтилмоқда. Бироқ манчестерликлар биринчи таклифни қабул қилмади. Чунки “Ноттингем” Льюис учун 25 миллион евро бадал ва қўшимча 5 миллион евро бонус таклиф қилган, клуб эса уни 40 миллион еврога баҳолаяпти.
Ўтган мавсум иқтидорли ҳимоячи барча мусобақаларда 44 та учрашувда майдонга тушиб, нафақат ҳимоя вазифаларини бажарди, балки 2 та гол ва 5 та ассистга ҳам муаллифлик қилди. Унинг “Сити” билан шартномаси 2028 йил ярмигача амал қилади.
Хулоса қилиб айтганда, “Манчестер Сити”да ёзги трансферлар ойнаси ёпилиши арафасида жиддий интригалар сақланиб қолмоқда. Абдуқодир Ҳусановга ишонч билдирилиши мухлисларни қувонтирса, Рико Льюиснинг тақдири ҳали очиқ қолмоқда.