Конор Макгрегор янги жангини BKFC лигасида ўтказади
Ирландиялик машҳур ММА юлдузи Конор Макгрегорнинг навбатдаги жангини қаерда ва қай тарзда ўтказиши ҳақидаги саволларга жавоб пайдо бўлди. Кутилмаган ҳолда у ўзининг кейинги чиқишини UFC октагонида эмас, балки Bare Knuckle Fighting Championship (BKFC) лигасида амалга оширади.
BKFC промоушени раҳбари Дэвид Фельдман Нью-Жерсиде ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Конор аслида анжуманда қатнашиши керак эди, аммо у машғулотларга тўлиқ диққат қаратгани учун келолмади.
“Бугун, дўстим Конор биз билан бўлиши зарур эди. Бироқ у ҳозир машғулотлар билан банд. Ишонинглар, бу мен кўрган энг яхши Конор. У худди олдинги жангларига қараганда ҳам қаттиқроқ машқ қиляпти. Катта эҳтимол билан ирландияликнинг кейинги рақиби Жереми Стивенсон ва Майк Перри ўртасидаги тўқнашув ғолиби бўлади”, — дея таъкидлади Фельдман.
Шу тариқа, Макгрегорнинг кейинги жангини кимга қарши ўтказиши борасида аниқлик пайдо бўлмоқда. Айни пайтда барча диққат Стивенсон ва Перри ўртасидаги дуэлга қаратилган. Бу беллашувда ким ғолиб чиқса, у ирландиялик юлдузга қарши майдонга чиқиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтиш керак, Конор Макгрегор охирги бор 2021 йилдаги “UFC 264” турнирида октагонга кўтарилган эди. Ўша жангда у америкалик рақиби Дастин Порьега қарши майдонга тушиб, биринчи раунддаёқ техник нокаут орқали мағлубиятга учраганди.
Ўша кундан буён Конор катта спорт саҳнасидан бироз узоқлашди ва мухлислар унинг қайтишига интизор бўлиб қолишди. Энди эса у янги лигада куч синашишга тайёргарлик кўрмоқда.
Мухлислар учун асосий савол — ирландиялик юлдузнинг бу қайтиши унга катта ғалабалар йўлини очиб берадими ёки йирик синовлар олдида янада оғир вазиятларни келтириб чиқарадими?