Тер Штегеннинг келажаги борасида Испанияда янги хабар тарқалди
“Барселона” дарвозабони Марк-Андре тер Штеген 2026 йилги жаҳон чемпионатида Германия терма жамоасига фойдаси тегишини истамоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
33 ёшли посбон Ҳанс-Дитер Флик қўл остида Жоан Гарсиянинг захирасида қолаётгани сабабли, “кўк-анорранглилар” сардорининг мундиалдаги иштироки ҳам савол остида турибди. Бироқ Sport нашри ёзишича, тер Штеген клубда захирада бўлиб қолса ҳам, терма жамоада яна “биринчи рақам” мақомини қайтариб олиши мумкин. Тахминларга кўра, у Испания Кубоги ҳамда Суперкубок ўйинларида майдонга тушади ва Германия футбол федерациясида бу амалиёт ЖЧ-2026 олдидан оптимал спорт формасини тиклаш учун етарли бўлади, деган фикр бор.
Тер Штегенни ижарага жўнатиш варианти ҳамон рад этилмаган, аммо футболчининг ўзи “Барселона”да қолишни афзал кўрмоқда.
