Арбелоа “Реал”нинг жисмоний тайёргарлик танқидини ўз зиммасига олди
Мадриднинг “Реал” жамоасида сўнгги ўйинлар ортидан муҳокамалар янада қизиди. Айниқса, “Альбасете”дан 2:3 ҳисобидаги мағлубият ва Испания Кубогини 1/8 финалдаёқ тарк этиш “қаймоқранглилар” атрофидаги босимни кескин оширди. Шу фон остида клуб бош мураббийи Альваро Арбелоа жамоанинг айни пайтдаги жисмоний ҳолати ва оммада айтилаётган гап-сўзлар ҳақида очиқ фикр билдирди.
Журналистлар Арбелоадан тўғридан-тўғри сўради: жамоанинг жисмоний тайёргарлиги қанчалик яхши, бу борада муаммо борми? Испания ОАВ ва мухлислар орасида айнан шу масала энг кўп муҳокама қилинмоқда. Арбелоа эса бу саволдан қочмади, аксинча — масъулиятни ўз зиммасига олди.
“Одамларнинг нималар деяётганини кўряпман. Улар менинг Алонсони танқид қилишимни исташмоқда. Бироқ улар ноҳақ”, — деди у.
Арбелоанинг таъкидлашича, “Альбасете”га қарши баҳсда кўзга ташланган камчиликлар фақат бир омилга бориб тақалмайди. У ерда ғоя етишмаслиги ҳам, ўйин суръати ва умумий жисмоний тайёргарлик билан боғлиқ муаммолар ҳам сезилган. Бироқ шу жиҳатларнинг барчаси учун жавобгар ким деган савол туғилса, Арбелоа буни аниқ айтди: барчаси бош мураббийнинг бўйнида.
“‘Альбасете’га қарши ўйинда нималар — ғоясизлик, жисмоний ҳолатнинг пастлиги бўлган бўлса, барчасига мен жавоб бераман. ‘Реал’да фақатгина бир бош мураббий бор ва барчаси унинг бўйнида бўлади”, — дея фикрини давом эттирди мутахассис.
Шу билан бирга, Арбелоа вазиятни тузатиш учун амалий ишлар бошланганини ҳам алоҳида қайд этди. У жамоанинг жисмоний тайёргарлигини, барқарорлигини ва умумий ишончини тиклашда клубнинг машҳур мутахассиси Антонио Пинтус билан биргаликда иш олиб бораётганини билдирди.
“Антонио Пинтус билан жамоани ҳар томонлама яхшилаш борасида иш олиб боряпмиз”, — деди Арбелоа.
Қисқаси, мадридликлар Кубокдаги оғриқли мағлубиятдан кейин айбдор қидириш ўрнига, масъулиятни бир жойга жамлаб, ҳолатни ўзгартиришга уринаётгани кўринмоқда. Энди “Реал” учун энг муҳими — танқидлар фонида эмас, майдонда жавоб қайтариш. Мухлис эса ҳар доим битта нарсани кутади: натижа ва характер.
