«Галатасарай» «Наполи» ҳужумчиси Ноа Лангни ижарага олди
Ҳужумчи Ноа Ланг клубини ўзгартирди. «Галатасарай» расмий сайти орқали 26 ёшли нидерландиялик футболчини «Наполи» таркибидан ижара асосида қўшиб олганини эълон қилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ланг ўтган ёздан бери «Наполи» сафида тўп суриб келаётганди. У мунтазам равишда майдонга тушган бўлса-да, кўпинча асосий таркибдан жой ололмаган. Энди Ноа Истанбул грандида ўзини кўрсатишга уринади ва бу жамоада унинг вазифаси анча муҳимроқ бўлиши кутилмоқда.
«Галатасарай» Туркия чемпионати турнир жадвалида пешқадам бўлиб турибди ва иккинчи ўриндаги «Фенербаҳче»ни бир очко фарқ билан ортда қолдирмоқда. Чемпионлар лигасида эса истанбулликлар ҳозирча 17-ўринда. Келаси ҳафта «Галатасарай» сафaрда «Манчестер Сити» билан тўқнаш келади.
