«Атлетико» Германия терма жамоаси ярим ҳимоячисини кўзламоқда
Мадриднинг «Атлетико» клуби қишки трансфер ойнасида асосий мақсад сифатида Германия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Леон Горецкага эътибор қаратди. «Матрасчилар» уни Конор Галлахер ўрнини тўлдира оладиган футболчи деб билмоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Sky Germany журналисти Флориан Плеттенберг хабарига кўра, Горецка Диего Симеоне ва Матеу Алемани учун “орзудаги нишон” ҳисобланади.
Манбада айтилишича, «Атлетико» ва футболчи ўртасида аллақачон тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилган, навбатдаги босқич эса чоршанба куни бўлиб ўтди. Мадрид клуби таклиф қилаётган лойиҳа Горецкага маъқул: у яқин кунларда пойтахтга кўчиб ўтиш ёки мавсум охиригача «Бавария»да қолиш вариантларини кўриб чиқмоқда. Якуний қарор 24 соат ичида қабул қилиниши кутилмоқда.
30 ёшли Горецканинг «Бавария» билан амалдаги шартномаси мавсум якунга қадар мўлжалланган.
