U-20 Осиё чемпионати. Келаси йил Ўзбекистонга кимлар келади? — Бизга қўшилинг: ???? https://t.me/joinchat/AAAAADwt0NGCRoONT4f1_Q
2023 йилнинг 1-18 март кунлари Ўзбекистон яна бир катта мусобақага мезбонлик қилади. Бу 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб, U-20 Осиё чемпионати дейилади. 10-18 сентябрь кунлари Осиёнинг 10та давлатида мана шу мусобақага саралаш учрашувлари бўлиб ўтади ва шундан сўнг биз Ўзбекистонга ташриф буюрадиган 15та терма жамоа номини билиб оламиз. Ўзбекистон мезбонлик қиладиган U-20 Осиё чемпионати шуниси билан муҳимки, бунда жаҳон чемпионати йўлланмаси ўйналади. Яъни, мусобақа давомида ярим финалга йўл олган 4та жамоа Индонезияда бўлиб ўтадиган U-20 Жаҳон чемпионатига йўл олади. Жаҳон чемпионати ҳам келаси йил 20 май - 11 июнь оралиғида ўтказилади. Саралаш қандай ўтади? Маълумки, шу йилнинг 24 май куни U-20 Осиё чемпионатининг саралаш ўйинларига қуръа ташланди. Қуръа натижаларига кўра, жамоалар 10та гуруҳга бўлинган. Ўзбекистон U-20 терма жамоаси "A" гуруҳидан жой олган бўлиб, саралашда конкурсдан ташқари иштирок этади. Яъни, биз мезбон ҳисобланганимиз боис саралашдаги натижаларимиз ҳисобга ўтмайди. Шу боис ЎФА U-20 терма жамоамизга тегмасдан саралашда U-19 терма жамоасининг қатнашишини лозим топди. Бу ҳам яхши албатта, чунки бир ёш кичик футболчилар шу баҳона тажриба тўплаб олишади. Ўзбекистон U-20 терма жамоаси (бош мураббий: Равшан Ҳайдаров) Уругвайда ташкил этилган 4та жамоа ўртасида халқаро турнирда қатнашишни лозим топган. Бу мусобақада биз Уругвай, Аргентина ва Бразилия билан куч синашамиз. (Футболчиларимиз Уругвайга қарши майдонга тушиб, 1:3 ҳисобида имкониятни бой беришди). Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган саралашга эса U-19 терма жамоасини Фарҳод Нишонов олиб кетди. Демак, айтиб ўтганимиздек, саралаш босқичи 10та гуруҳда олиб борилади. Мусобақа регламентига кўра, гуруҳ ғолиблари ҳамда энг яхши 5та иккинчи ўрин эгалари (жами 15 жамоа) U-20 Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритади. "A" гуруҳи: Саудия Арабистони, Хитой, Мьянма, Мальдив, Ўзбекистон. Саралаш ўйинлари мезбони: Саудия Арабистони "B" гуруҳи: Қатар, Баҳрайн, Бангладеш, Непал, Бутан Саралаш ўйинлари мезбони: Баҳрайн "C" гуруҳи: Япония, Яман, Фаластин, Лаос, Гуам. Саралаш ўйинлари мезбони: Лаос "D" гуруҳи: Иордания, Хитой Тайпейи, Сурия, Туркманистон, Шимолий Мариана ороллари. Саралаш ўйинлари мезбони: Иордания "E" гуруҳи: Жанубий Корея, Малайзия, Мўғулистон, Шри Ланка. Саралаш ўйинлари мезбони: Мўғулистон. "F" гуруҳи: Индонезия, Вьетнам, Гонконг, Тимор-Лесте. Саралаш ўйинлари мезбони: Индонезия "G" гуруҳи: Таиланд, Уммон, Филиппин, Афғонистон. Саралаш ўйинлари мезбони: Уммон. "H" гуруҳи: Ироқ, Ҳиндистон, Қувайт. Саралаш ўйинлари мезбони: ҳозирча аниқ эмас "I" гуруҳи: Тожикистон, Камбоджа, Ливан, Сингапур. Саралаш ўйинлари мезбони: Тожикистон "J" гуруҳи: БАА, Эрон, Қирғизистон, Бруней. Саралаш ўйинлари мезбони: Қирғизистон. Саралаш босқичи барча гуруҳларда 10-18 сентябрь оралиғида бўлиб ўтиши белгилаб қўйилган. Ҳозирча фақат "H" гуруҳи ўйинлари қаерда ўтказилиши маълум эмас. Аввалига мезбон сифатида Ироқ танланганди, бироқ Австралия U-20 терма жамоаси сиёсий вазият сабаб Ироққа боришдан ҳамда саралашда қатнашишдан бош тортди. Натижада бу гуруҳда 3та жамоа қолди. Ўзбекистон U-19 қачон ким билан ўйнайди? Қуйида Ўзбекистон U-19 терма жамоасининг саралашдаги тақвимини келтириб ўтамиз. 10 сентябрь. Ўзбекистон - Мальдив 12 сентябрь. Ўзбекистон - Мьянма 14 сентябрь. Саудия Арабистони - Ўзбекистон 16 сентябрь. Хитой - Ўзбекистон Муаллиф: Xayrulla Xoliqov