Қозоғистонлик депутатлар Хитой билан фуқароларга оид маълумотларни алмашиш ҳақидаги битимни маъқуллашди
Қозоғистон парламенти қуйи палатаси депутатлари 20 сентябрь куни Хитой билан фуқароларга оид маълумотни алмашиш ҳақидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаганлар.
Томонлар фуқароларининг қарши томон ҳудудига кириши, мамлакатга кириш ва юриш тартибининг бузилиши, фуқароликка қабул қилинган шахсларга оид маълумотларни алмашишга имкон берувчи мазкур келишув 17 май куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Хитойга давлат ташрифи чоғида имзоланган эди.
“Бу маълумотлар мамлакатларга икки фуқароликка қарши кураш, ноқонуний миграция каналлари олдини олиш учун зарур”, деган Қозоғистон ички ишлар вазири Ержан Саденов палата йиғилишида қонун лойиҳасини тақдим этаркан.
Вазир келишувда “суверенитет, хавфсизлик учун таҳдид ҳамда қонунчиликка зид келган” тақдирда сўровларни бажаришдан бош тортиш кўзда тутилганини қўшимча қилган.
Эндиликда ҳужжат парламент юқори палатаси бўлган сенатга йўлланади, у ерда тез орада маъқулланади, кейин эса унга президент қўл қўяди.
Бу каби икки томонлама битимларни Қозоғистон аввалроқ авторитар режимлар амалда бўлган қатор постсовет мамлакатлари – Озарбайжон, Беларусь, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан ҳам имзолаган.
Жорий йилнинг июнь ойида Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия президентлари мамлакатлар ўртасида фуқароларнинг шахсий маълумотларини алмашишга оид битимни имзолашган эди.
Қозоғистон хитойлик қочқинлар, хусусан, Шинжондаги таъқиблардан қочиб келаётган этник қозоқлар ва уйғур келадиган ва ўтиб кетадиган транзит мамлакат бўлиб ҳисобланади. АҚШ Давлат департаменти ўзининг 2021 йилдаги ҳисоботида Хитойнинг бу минтақаси “очиқ осмон остидаги қамоқхона”га айлантирилганини қайд этган эди.
Аввалроқ экспертлар Озодликнинг қозоқ хизматига Хитойдан кредит ва молиявий дастак олувчи Қозоғистон Шинжондан қочиб келаётганларни тўла ҳимоя қилолмаслигини билдирган эдилар. Шинжонда таъқибга учрагани учун Қозоғистонга қочиб ўтган этник қозоқлардан камида беш нафарига неча йилдан бери фуқаролик ёки учинчи мамлакатга чиқиб кетиш учун йўл ҳужжати берилмаяпти. Қочқинлар Пекин Шинжонда қолган ўз қариндошларига босим ўтказаётганини ҳамда уларни Хитойга қайтаришга уриниб келаётганини айтмоқдалар.
Халқаро ташкилотлар Хитой расмийлари судсиз ва терговсиз миллион нафардан кўпроқ уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмонларни Шинжондаги лагерларга йўллаган бўлишлари мумкинлиги ҳақида билдирганлар. Пекин бу чорани “экстремизмга қарши кураш” ўлароқ оқлаб келади, сиёсий лагерларни эса хитойлик расмийлар “касбий тайёргарлик марказлари” деб атайди.