Арманистон Озарбайжонни БМТ Халқаро судига берди
Арманистон БМТ Халқаро судига Озарбайжонга қарши даъво аризаси киритди. Аризада Озарбайжон Тоғли Қорабоғда Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича халқаро конвенция талабларини бажариши шартлиги айтилади.
Арманистон аризасида Озарбайжон «Тоғли Қорабоғада қолган этник арманларни бевосита ва билвосита сиқиб чиқаришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилиши» лозимлиги қайд этилган.
Аризада, шунингдек, Озарбайжондан этник арманларнинг Қорабоғни тарк этиш хоҳишига тўсқинлик қилмаслик, БМТ ва Қизил Хоч вакилларига этник арманлар яшайдиган ҳудудларга киришга имконият яратиб бериш талаб этилган.
Арманистон Халқаро суддан Озарбайжон ҳукуматига Тоғли Қорабоғда арман томонидан берилган барча ҳужжатларни тан олиш ва арман маданий меросига оид ёдгорликларни бузмаслик мажбуриятини юклашни сўрамоқда.
Сўнгги хабарларга қараганда, 1 октябрь ҳолатига кўра, Тоғли Қорабоғда яшаётган 120 минг армандан 100 514 нафари Арманистонга қочиб ўтган.
19 сентябрда Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилганди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўт очишни тўхтатганини билдирди ва Озарбайжон томонининг барча талабларини бажаришга рози бўлди.
28 сентябрда тан олинмаган республика раҳбари Самвел Шахраманян Тоғли Қорабоғ республикаси 2024 йилнинг 1 январидан эътиборан тугатилиши тўғрисидаги фармонни имзолади.