Путин ҳарбий харажатлар икки баравар оширилганини тасдиқлади
Россия Президенти Владимир Путин келаси йили ҳарбий харажатлар икки карра ошишини тасдиқлади. Бу ҳақда у 5-октябр куни «Валдай» муҳокама клуби йиғилишида сўз очди.
«Биз мудофаа учун харажатларни оширдик, лекин нафақат мудофаа, балки мудофаа ва хавфсизлик учун ҳам кўпайтирилди. Улар тахминан икки карра ортди – олдин тахминан уч фоиз эди, энди эса олтига яқинлашди», деди Путин.
«Биз қурол-яроғга жуда кўп пул сарфлаяпмиз ва бошқа нарсаларни унутдик, дейиш тўғри эмас», дея қўшимча қилди у. Путиннинг таъкидлашича, давлат «барча илгари эълон қилинган ривожланиш режаларини, стратегик мақсадларга эришиш ва давлат томонидан аҳоли олдидаги барча ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ» амалга оширмоқда.
Россия Давлат думасига тақдим этилган буджет лойиҳасига кўра, 2024-йилдаги харажатларнинг энг катта улуши «Миллий мудофаа» бандига тўғри келади – 29,3 фоиз (10,7 триллион рубл) ёки Путин таъкидлаганидек, Россия ялпи ички маҳсулотининг деярли 6 фоизи. Шу билан бирга, махфий харажатлар банди 6,5 триллиондан 11,1 триллион рублгача ошади, яъни улар яна учдан бир қисмни ташкил қилади. Мутахассислар фикрича, бу маблағлар ҳам асосан ҳарбий эҳтиёжларга сарфланади.
Россия ҳукумати «Ижтимоий сиёсат» йўналишига 7,5 триллион рубл сарфлашни режалаштирмоқда. Шу тариқа, Россиянинг 2024 йилдаги мудофаа харажатлари мамлакат яқин тарихида биринчи марта ижтимоий тўловларга сарфланган харажатлардан ошиб кетади.
ОАВ хабарларига кўра, келгуси йилда Россияда «Соғлиқни сақлаш» миллий лойиҳаси дастури 10 фоизга қисқартирилади. Унга 290 миллиард рубл сарфланади, бу бир йил аввалгидан 31 миллиардга кам. Онкологияга қарши курашиш ва клиникаларни модернизация қилиш дастурлари энг кўп зарар кўради. Болалар соғлиғини сақлашни ривожлантиришга сарфланадиган харажатлар деярли ярмига қисқартирилади, бирламчи тиббий ёрдамни ривожлантириш учун мўлжалланган бандларнинг 20 фоизи йўқолади, «Юрак-қон томир касалликларига қарши кураш» лойиҳаси эса 13 фоиз қисқартирилади. Дори ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш давлат дастури 2024 йилдан бошлаб молиялаштиришдан бутунлай маҳрум бўлади.