Нега Миср ва бошқа араб давлатлари фаластинлик қочқинларни қабул қилишни истамаяпти?
Ғазо бўлгасида умидсиз қолган фаластинликлар Исроилнинг тинимсиз бомбардимонлари остида бошпана топишга ҳаракат қилар экан, қўшни Миср ва Иордания уларни қабул қилмаяпти.
Ғазо ва ишғол қилинган Ғарбий Соҳил билан чегарадош бўлган икки давлат, қочқинларни қабул қилишни қатъий рад этди. Иорданияда фаластин қочқинлар шундоғам етарлича кўп, деб ёзади Associated Press нашри.
Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси ҳозирги уруш нафақат Ғазо секторини бошқараётган ҲАМАСга қарши кураш, балки «тинч аҳолини Мисрга кўчиб ўтишга ундаш» эканини айтди. Унинг айтишича, бу минтақада тинчликка путур етказиши мумкин.
Бир кун аввал Иордания қироли Абдулла II ҳам худди шундай баёнот бериб, «Иордания ҳам, Миср ҳам қочқинларни қабул қилмайди» деди.
Миср ва Иорданиянинг позицияларига нима туртки бўлаётганини кўриб чиқамиз.
КЎЧИРИШ ТАРИХИ
Кўчирилиш Фаластин тарихининг асосий мавзуси бўлиб келган. 1948 йилда Исроил ташкил топиши билан боғлиқ урушда тахминан 700 000 фаластинлик ҳозирги Исроил ҳудудидан қувилган. Фаластинликлар бу ҳодисани Нақба деб аташади, бу арабчада «фалокат» дегани.
1967 йилги Яқин Шарқ урушида, Исроил Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторини эгаллаб олганида, яна 300 минг фаластинлик Иорданияга қочиб ўтади.
Қочқинлар ва уларнинг авлодлари ҳозирда қарийб 6 миллионни ташкил этади. Уларнинг аксарияти Ғарбий Соҳил, Ғазо, Ливан, Сурия ва Иорданиядаги лагерь ва жамоаларда яшайди. Диаспора янада кенгайди, кўплаб қочқинлар Форс кўрфазидаги араб давлатларида ва Ғарбда яшаб келмоқда.
1948 йилги можаро билан боғлиқ жанглар тўхтатилгач, Исроил қочқинларнинг уйларига қайтишига рухсат бермади. Ўшандан бери Исроил Фаластиннинг қочқинларни қайтариш ҳақидаги талабларини рад этиб, бу мамлакатдаги яҳудийларга таҳдид солишини айтади.
Миср тарих такрорланишидан ва Ғазодан келган кўплаб фаластинлик қочқинлар Мисрда қолиб кетишидан қўрқади.
ҚАЙТИШГА КАФОЛАТ ЙЎҚ
Исроил ҲАМАСни 7 октабрдаги қонли ҳужуми учун йўқ қилиш ниятида эканини айтмоқда. Аммо бундан кейин нима бўлиши ва Ғазони ким бошқариши ҳақида ҳеч нима маълум эмас. Бу эса Исроил анклавни қайта эгаллаб олиб, можаролар янада авж олиши ҳақидаги хавотирларни кучайтирмоқда.
Исроил ҳарбийлари Ғазо шимолидан жанубга кўчиш талабини бажарган фаластинликлар уруш тугаганидан кейин уйларига қайтиши мумкинлигини билдирди.
Ас-Сиси жанглар йиллар давом этиши мумкинлигини айтиб, ҳарбий амалиётлар тугамагунча фаластинликларни Ғазо секторига қўшни Негев чўлига жойлаштиришни таклиф қилди.
«Исроилнинг Ғазодаги ниятлари ва аҳолини эвакуация қилиш борасидаги мавҳумлик ўз-ўзидан ташвишли», дейди Риккардо Фабиани, Халқаро инқироз гуруҳининг Шимолий Африка лойиҳаси директори.
Миср Исроилни Ғазога инсонпарварлик ёрдами олиб киришга рухсат беришга ундади ва Исроил бунга рози бўлди. БМТ маълумотларига кўра, иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган Мисрда аллақачон 9 миллионга яқин қочқин ва муҳожирлар бор. Бу йилнинг ўзида уруш туфайли Судандан 300,000 қочқин келган.
Араб давлатлари ва кўплаб фаластинликлар Исроил ҳозирги урушдан фойдаланиб, 1967 йилда Исроил томонидан босиб олинган Ғазо, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда Фаластиннинг давлатчилик талабларини барбод қилиш учун доимий демографик ўзгаришларни амалга ошириши мумкин деган гумонда.
«Барча тарихий преседентлар шуни кўрсатадики, фаластинликлар Фаластин ҳудудини тарк этишга мажбур бўлганда, уларга қайтишга рухсат берилмаган. Миср Ғазодаги этник тозалашга шерик бўлишни истамайди.», дейди Карнеги Жамғармасининг катта илмий ходими Ҳ.А. Ҳеллер .
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху бошчилигидаги ўта ўнгчи партия фаластинликларни чиқариб юбориш ҳақида гапирмоқда. ҲАМАС ҳужумидан сўнг, баъзи ўнг қанот сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситалари шарҳловчилари ҳарбийларни Ғазони вайрон қилиш ва унинг аҳолисини қувиб чиқаришга чақирди.
Исроиллик депутатлардан бири Ғазода «янги Накба»ни амалга оширишни таклиф қилди.
ҲАМАСДАН ХАВОТИРЛАР
Миср Ғазодан қочқинлар билан бирга ҲАМАС ёки бошқа Фаластин жангарилари ҳам кириб келишидан хавотирда. Бу Миср армияси йиллар давомида исломий жангариларга қарши курашган Синай яриморолида беқарорлик келтириб чиқариши мумкин. Миср ўшанда Ҳамасни исломий жангариларни дастаклашда айблаган.
2007 йилда ҲАМАС Ғазони эгаллаб олганидан бери Миср Исроилнинг Ғазо блокадасини қўллаб-қувватлаб, тинч аҳолининг чегарадан ўтишини қаттиқ назорат қилиб келади. Миср Ҳамас ва бошқа фаластинликлар Ғазога контрабанда маҳсулотларини олиб кирувчи чегара остидаги туннелларни ҳам йўқ қилди.
«Қоҳира Синайда янги хатар пайдо бўлишини истамайди», дейди Фабиани.
Ас-Сисси Миср ва Исроилнинг 1979 йилги тинчлик келишувининг бузилишидан огоҳлантирди.
Унинг сўзларига кўра, Фаластин жангариларининг иштироки билан Синай “Исроилга ҳужумлар учун базага айланади. Исроил ўзини ҳимоя қилиб Миср ҳудудига зарба беради.
“Фаластин муаммосини деб биз эришган тинчликни қўлдан бой берамиз".