Қозоғистон полицияси 60 нафар ўзбекистонлик муҳожирни қулликдан озод қилди
Polisia.kz нашри хабарига кўра, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мамлакатнинг Чимкент шаҳридаги ғишт заводида тутқунликда ушлаб турилган 60 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини озод қилди.
Ўзбекистонликлар ғишт заводида мажбурий меҳнатга жалб қилинган.
Полиция маълумотига кўра, тутқунларнинг озод қилинишига ақтўбелик хонимнинг мурожаати асос бўлган. Ақтўбе турғуни ўз акасининг ўзбек муҳожирларини Олмаотагача олиб бориб, сўнг ўғирлаб кетгани ва ноқонуний меҳнатга сафарбар қилганини полицияга айтиб берган.
Расмийлар ўтказган рейдлар жараёнида ўзбекистонликларнинг ҳужжатлари иш берувчилар томонидан тортиб олингани ва уларнинг оғир шароитларда мажбурий меҳнатга жалб қилингани маълум бўлган.
Шунингдек, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари қозоқ иш берувчиси томонидан калтакланган, қийноқларга солинган, иш ҳақлари берилмаган.
Қозоғистондаги «Сана сезим» ноҳукумат ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда меҳнат муҳожирларининг 25 нафари реабилитация марказига келтирилиб, уларнинг шахси аниқланмоқда. Ҳужжатлари қозоқ иш берувчилари томонидан йўқ қилинган ўзбекистонликларни ўз юртига қайтариш ҳаракатлари бормоқда.
Жанубий Қозоғистон вилояти прокуратураси ғишт заводи раҳбарларига нисбатан мамлакат қонунчилигининг ўзбошимчалик ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш мақсадида озодликдан маҳрум қилиш моддалари билан терговолди суриштирувлар бошлаган.