Лувр музейи ёпилди
Париждаги Лувр музейи айрим ходимларининг умуммиллий иш ташлашда иштирок этиши сабабли вақтинчалик ёпилди. Бу ҳақда муассасанинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинди.
“Лувр музейи, афсуски, музей ходимларининг бир қисми иш ташлашга қўшилгани сабабли бугун ташриф буюрувчилар учун очилмайди”, — дейилади баёнотда.
Лувр – Франция пойтахтидаги энг катта ва энг машҳур музей. 2022 йилда унга 7,8 миллион киши ташриф буюрди, уларнинг аксарияти хорижий сайёҳлар.
Шу кунларда Франция бўйлаб иш ташлашлар бўлиб ўтмоқда. Мамлакат касаба уюшмалари иш ҳақи, пенсияларни ошириш, аёллар ва эркакларнинг тенг меҳнат ҳуқуқларини кафолатлаш шиорлари остида кенг кўламли иш ташлашни бошладилар.
Бутун мамлакат бўйлаб 200 га яқин намойишлар ўтказилиши кутилмоқда, уларда 125 мингдан 150 минггача одам қатнашиши мумкин.
Энг йирик норозилик намойишлари Парижда режалаштирилган, у ерда 15 минггача иштирокчи акцияга қўшилиши кутилмоқда.
Иш ташлаш Париж транспортига таъсир қилади, хусусан, шаҳарлараро қатновчи поездлар ҳаракатига. Бундан ташқари, пойтахт аэропортларида режалаштирилган айрим рейслар бекор қилинган.
Тиббиёт ходимларининг касаба уюшмалари ҳам тарифларни оширишни талаб қилди. Улар шифокорларни жума куни ўз кабинетларини ёпишга ва (беморларнинг ҳаётига таҳдид соладиган шошилинч ҳолатлар бундан мустасно) барча операцияларни бошқа кунларга қайта режалаштиришга чақиришди.
Ҳукумат прогнозларига кўра, Францияда йил давомида инфляция 5,8 фоизни ташкил қилди. Шу билан бирга, озиқ-овқат нархлари умумий кўрсаткичлардан юқори бўлиши кутилмоқда.
Ўз навбатида, энергия нархининг ошиши яшаш нархининг рекорд даражада кўтарилишига олиб келди. Харажатлар деярли 6,5 фоизга ўсди, бу 19 йиллик энг юқори кўрсаткичдир.