Фото: AP

Яқин Шарқ минтақасидаги барча давлатлар Исроилнинг мавжуд бўлиш ва ўз хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқини тан олишлари керак, деди Франция президенти Эммануэл Макрон.

Агар Яқин Шарқдаги барча давлатлар Исроилнинг мавжудлигини ва унинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини тан олса, минтақада тинчлик ўрнатилиши мумкин”, — деди Макрон Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан ўтказилган матбуот анжуманида.

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, фаластинликларнинг “улар ҳам хавфсиз яшашлари мумкин бўлган” ўз давлатига бўлган ҳуқуқи тан олиниши керак. “Биз ҳар қандай кескинликдан қочишимиз керак”, — деди Франция президенти.

Шунингдек, Макрон “сиёсий йўл” Исроил-Фаластин муаммосини ҳал қилишда ниҳоятда муҳим ва ундан тезроқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб, Яқин Шарқ минтақасидаги барча мамлакатларни ҳозирги инқирозни ҳал қилишда учта асосий тамойилга амал қилишга чақирди.

Биринчиси, минтақада барқарорликни таъминлаш ва можаро янада авж олиши хавфини камайтириш учун терроризмга, хусусан, Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳига қарши кураш.

Иккинчи тамойил - можаро зонасида тинч аҳоли ҳимоясини таъминлаш ва инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш бўлса, учинчиси — Фаластин давлатини яратиш ва Исроил хавфсизлигини таъминлаш билан сиёсий келишувга кўмаклашиш.