“Янги Ўзбекистон кинокарвони” – маданият тарғиботи йўлида
Аҳолининг маданий ҳордиқ олишини таъминлаш, маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, аҳоли орасида маданият ва санъатни тарғиб қилиш мақсадида 2021 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда кинокарвон тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кино санъатининг инсон онги ва тафаккурига, жамият ҳаётига таъсири ниҳоятда беқиёс. Кино олами нафақат халқимиз маънавиятини юксалтиришга, балки унинг гўзал қадриятларини бутун дунёга танитишга ҳам катта ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 апрелдаги ПҚ-5060-сонли қарорига кўра, ҳудудларда киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар ўтказиш, энг янги фильмлар намойишини ташкил этишни назарда тутувчи «Кинокарвон» акцияси халқимизнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун яна бир имконият.
Илк кинокарвон тадбирлари 2021 йилда Самарқанд вилоятига ташриф билан бошланган ва йил давомида бошқа ҳудудларда ҳам давом этган. Унда машҳур киноижодкорлар билан учрашувлар бўлиб ўтган. Карвон билан бирга йўлга чиққан мобиль кинотеатрлар олис қишлоқларга бориб, маҳаллий аҳоли учун Агентлик буюртмасига биноан суратга олинган «Мен террорчи эмасман», «Орзулар қанотида», «Мерос», «Ҳайрат» ва «Муқимий» каби фильмлар намойиш этилган. Шунингдек, ушбу тадбирлар 2022 йилда ҳам ўтказилган.
Албатта, 2023 йилда ҳам Кинокарвон тадбирлари бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб 15 августдан 15 сентябрга қадар «Янги Ўзбекистоннинг янги кинолари» ойлиги ўтказилди.
Ҳудудларда ўтказилган тадбирлар давомида Фарҳод Абдуллаев, Абдуҳалил Мингнаров, Собир Отажонов, Хуршид Тўхтаев, Мавжуда Муртазоева, Гулчеҳра Саъдуллаева, Шавкат Комилов, Отабек Ҳақбердиев, Йигитали Мамажонов, Муқаддас Саъдуллаева, Саид Мухторов, Умид Шодмонов, Зуҳриддин Режаметов, Фотима Режаметова, Меҳриддин Раҳматов, Хуршид Тўхтаев, Алишер Отабоев, Анжелика Эсимбетова, Дилшодбек Каттабеков, Анвар Азимов ва бошқа киноижодкорлар иштирокида маҳаллий аҳоли, ёшлар ва талабалар билан ижодий учрашувлар ташкил этилди.
Бундан ташқари машҳур киноижодкорлар мурувват ва меҳрибонлик уйларига ташриф буюриб, беморлар ҳолидан хабар олди. Шунингдек, ҳарбий округларда бўлиб, маънавий-маърифий тадбирлар уюштирди. Ижодий учрашувларда халқ билан дилдан суҳбатлар ўтказилди.
Шунингдек, Кинокарвон тадбирларида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан сўнгги йилларда суратга олинган «Судья», «Парининг совғаси», «Осмондаги болалар 3», «Бардош», «Доктор Абдуллаев», «Самарқандда қовун таровати», «Илҳақ» каби бадиий фильмлар намойиш қилинди.
Кино санъати миллий маънавиятимизни юксалтиришда, ёш авлодни ватанпарварлик ва эзгу қадриятларга муҳаббат руҳида тарбиялашда улкан таъсир ва катта кучига эга бўлган энг оммавий санъат тури ҳисобланади. Кинокарвон эса мана шу санъатнинг янада оммалашишига шароит яратади.