Дарахтларни ноқонуний кесиш қонун билан жазоланади
Куни кеча, ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек туманидаги «Дўстлик» кўчаси бўйидаги ер майдонида қурилиш ишлари олиб бориш мақсадида 50 дан ортиқ дарахт бўлган ер майдони ўраб олингани ва ушбу дарахтлар кесилиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги маълумот тарқалди ва кўпчилик аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.
Ушбу ҳолат жойга чиққан ҳолда Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция аъзолари томонидан ўрганилди. Мазкур ҳудуд «АВТО ТEЧ ПРEИМ» масъулияти чекланган жамияти томонидан бино қуриш мақсадида ўраб олинганлиги, майдонда 51 туп мевали ва манзарали дарахт турлари борлиги аниқланди.
Ўрганиш жараёнида қурилишни амалга оширувчи корхона томонидан ушбу ҳудудда қурилиши ишларини олиб боришга оид биронта ҳужжатни тақдим эта олмади.
Шу ўринда, мамлакатда Президентнинг тегишли фармонига биноан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилганлигини ҳам эслатиб ўтмоқчимиз.
Ўзбекистон Экологик партияси ҳудуддаги кўп йиллик дарахтларни асраб қолиш лозим, деб ҳисоблайди. Ушбу ҳолат юзасидан атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъул бўлган давлат идораларидан янада қатъиятли бўлишларини ва ҳолатга муросасиз ёндашишларини ҳамда прокуратура органларидан мазкур вазиятни қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганишни ҳамда қонунбузарларга тегишли чора кўрилишни сўраб қоламиз.
Шу билан бирга, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига ўз нуқтаи назарларини баён этиш бўйича депутатлик сўровлари юборилди.