АОКА ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатувчиларни огоҳлантирди
Ижтимоий тармоқлардаги турли каналлар ва саҳифаларда кўнгилни хира қилувчи ва руҳиятга салбий таъсир кўрсатувчи ўз жонига қасд қилиш ёхуд калтакланиш, самосуд ва шу каби нохуш ҳолатларни акс эттирган ҳар-хил хабарларни тарқатиш тобора оммалашмоқда.
АОКА мазкур ҳолатлар бўйича ижтимоий тармоқлардаги канал ва саҳифалар маъмурлари ва жамоатчиликка мурожаат қилди.
Сўнгги кунларда Мирзо Улуғбек туманидаги 248-мактаб ичида “Эркак кишини осилган ҳолатда топилди” номли маълумот жуда кўплаб ижтимоий тармоқ воситалари орқали тарқатилиб, бу яна бир бошқа кўнгилсиз воқеликлар юзага келиш эҳтимолига сабаб бўлиши мумкин.
Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда ва Интернет маконида жамиятга салбий таъсир кўрсатувчи, шунингдек, ғайриоддий ҳаракатларга тарғиб қилувчи ёки ундовчи хабарларни тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид.
Жумладан, “Ахборотлаштириш тўғрисида” Қонунининг 12 (1)-моддасига мувофиқ, зўравонликни ва шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек ўз жонига қасд қилишга даъват этишни ифодалайдиган ҳар қандай материалларни тарқатиш таъқиқланган.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189 (1)-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 130 (1)-моддасида бундай хабарларни тарқатганлик учун ёки жарима ёки мажбурий жамоат ишларига жалб қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жавобгарликка тортиш белгиланган.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўз ваколати доирасида барча ижтимоий тармоқлардаги каналлар ва саҳифалар маъмурларини, кенг жамоатчилик вакилларини амалдаги қонунчиликка риоя қилган ҳолда сўз эркинлигини суиистеъмол қилмасликка чақиради!